Польшада Россия махсус хизматлари буюртмаси бўйича қўпорувчиликларда айбланиб, 9 киши ҳибсга олинди
Польшада тўққиз киши Россия махсус хизматлари буюртмаси билан қўпорувчилик содир этиш айблови бўйича ҳибсга олинди. Бу ҳақда Польша бош вазири Дональд Туск маълум қилди, деб ёзади Медуза.
“Бу дўппослашлар, ўт қўйишлар ва ўт қўйишга уринишларга алоқадор”, — деди Туск. Унинг сўзларига кўра, гап ёлланма шахслар ҳақида бормоқда, уларнинг бир қисми “жиноят олами одамлари”. Ҳибсга олинганлар орасида Украина, Беларусь ва Польша фуқаролари бор.
Қўпорувчилик ҳаракатларига мисол сифатида Туск Вроцлавда бўёқ ишлаб чиқарувчи заводни ёқиб юборишга уринишларни келтириб ўтди. У бу Россия махсус хизматлари томонидан буюртма қилинганини “шубҳасиз” деб атади. Бош вазир қўшимча қилишича, бундай қўпорувчилик ҳаракатлари Литва, Латвия ва Швецияда ҳам содир этилмоқда.
Аввалроқ Польша президенти Анжей Дуда мамлакатда сўнгги пайтларда бир нечта жиддий ёнғинлар юз берганини, улар, катта эҳтимол билан, ў т қўйиш оқибатида келиб чиққанини айтганди. Унинг фикрича, бу “Польшада вазиятни беқарорлаштиришга уриниш” бўлган бўлиши мумкин.
Шарҳлар