,

Польша Качиньский иштирокидаги авиаҳалокат юзасидан Россияга қарши даъво очишдан воз кечди

Фото: РИА Новости

Польша 2010 йилда Россиянинг Смоленск шаҳри яқинида юз бериб, президент Лех Качиньский (2005—2010) ҳалокатига сабаб бўлган авиаҳалокат юзасидан Европа инсон ҳуқуқлари судига Россияга қарши даъво беришдан воз кечди. Бу ҳақда Польша Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, “РБК” хабар бермоқда.

“Ташқи ишлар вазири ҳамкорликни тугатиш ва шу тариқа, 2023 йил 10 октябрда ўша вақтдаги ташқи ишлар вазири Збигнев Рау, авиаҳалокатни қайтадан текшириш бўйича комиссиянинг ўша вақтдаги раиси Антони Мачеревич, Emmerson Consulting International Ltd компанияси вакили, адвокат Бен Эммерсон томонидан имзоланган битим амал қилишини тўхтатиш ҳақидаги баёнот билан чиқди”, — дейилади хабарда.

2023 йил октябрида Збигнев Рау Эммерсоннинг юридик компанияси билан Европа инсон ҳуқуқлари судига даъво тайёрлаш ҳақида келишув имзолаган эди. Даъвода “авиаҳалокат юзасидан амалга оширилган инсон ҳуқуқлари бузилишлари учун Россия Федерацияси жавобгарлиги” ҳақида айтиш режалаштирилганди. Даъво инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 2-моддасида кўзда тутилган яшаш ҳуқуқи бузилгани ҳамда “ушбу воқеа қурбонлари оилаларининг ҳуқуқлари поймол этилгани” ҳақидаги баёнотларни ўз ичига олиши керак эди.

2022 йил сентябрида Россия Европа инсон ҳуқуқлари суди юрисдиксиясидан чиқди. Бу Москва ўша йил мартида Европа Кенгашидан чиқиши оқибатида юз берди.

Ту-154 самолёти 2010 йил 10 апрель куни Смоленск яқинида қулаб тушганди. Бортда Качинский ва унинг рафиқаси, шунингдек, сейм депутатлари, олий ҳарбий қўмондонлик, дин ва жамоат арбоблари бор эди. Бортда бўлган 96 кишининг барчаси ҳалок бўлган.

Дастлаб Польша комиссияси самолёт катта тезликда рухсат этилган минимал баландликдан пастга тушиб, атроф яхши кўринмайдиган шароитда дарахтга бориб урилганини аниқлаган. Аммо кейинроқ Польшада қайтадан суриштирув бошланди. 2022 йил апрелида Авиаҳалокатни текшириш бўйича қўмитанинг ўша вақтдаги раҳбари Мачеревич авиаҳалокатда Россия махсус хизматларини айблади. Россия ўзининг фожиага алоқадорлигини бир неча марта рад этган. Россия Тергов қўмитаси талқинига кўра, ҳалокат экипаж хатоси туфайли юз берган бўлиб, улар атроф кўринмайдиган шароитда ҳам қўнишни давом эттирган.

2023 йил декабрида Польша бош вазирлигига Дональд Туск келганидан кейин (унгача 2015 йилдан бери Польша ҳукуматини “Ҳуқуқ ва Адолат” партияси бошқарган бўлиб, унинг раҳбари Лех Качиньскийнинг укаси Ярослав Качиньский бўлган) Польша ҳукумати авиаҳалокатни текшириш бўйича комиссияни тугатишга қарор қилди. Шундан кейин мудофаа вазири ўринбосари Цезарь Томчик комиссиянинг тугатилиши “Польша давлати ёлғонига нуқта қўйгани”ни айтди. Унинг сўзларига кўра, бу Смоленскдаги ҳалокат сабабларини аниқлаштиришга умуман алоқадор бўлмаган фаолият учун мантиқсиз харажатларга ҳам чек қўйган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.