Польша мамлакат бўйлаб Россия дипломатларининг ҳаракатланишини чеклади
Польша россиялик дипломатларнинг мамлакат бўйлаб ҳаракатланишига чекловлар жорий қилди. Ташқи ишлар вазири Радослав Сикорски бу қарорини Россиянинг Европа Иттифоқи ва Польшага қарши “гибрид уруш”даги иштироки билан изоҳлади. Бу ҳақда у Брюсселда Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг учрашувидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар беради Onet.
Сикорскийнинг сўзларига кўра, россиялик дипломатлар фақат Мазовецкий воеводалиги ҳудудида (пойтахти Варшава бўлган марказий ҳудуд), Россия консуллик идораларининг ходимлари эса фақат ўзларига бириктирилган ҳудудлар ичида ҳаракатланишлари мумкин бўлади.
Чекловлар Россиянинг Польшадаги элчиси Сергей Андреевга таъсир қилмайди, дея қўшимча қилди Польша ТИВ раҳбари. У бошқа давлатлар ҳам Польшадан ўрнак олишига умид билдирди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Польша расмийларининг қарорига ҳозирча изоҳ бермади.
Польша бош вазири Дональд Туск 21 май куни мамлакатда тўққиз киши Россия разведкаси буйруғи билан қўпорувчиликда айбланиб ҳибсга олинганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, сўз ёлланган шахслар ҳақида боряпти, уларнинг баъзилари «жиноят оламига алоқадор одамлар». Ҳибсга олинганлар орасида Украина, Беларусь ва Польша фуқаролари бор.
Ўтган йил ноябрида Financial Times газетаси Европа Иттифоқи давлатлари Чехия Республикасининг Европа Иттифоқи ҳудудида россиялик дипломатларнинг ҳаракатланишига чекловлар жорий этиш таклифини муҳокама қилаётгани ҳақида ёзган эди.
Шарҳлар