Польша ТИВ Украинадаги поляк ҳарбийлари ҳақида: бирортаям вариантни истисно қилмаймиз

Фото: Aleksiej Witwicki

Польша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский Украинага польшалик ҳарбий хизматчиларни жўнатиш эҳтимолини изоҳлади ва воқеалар шундай ривожланиши мумкинлигини истисно қилмади. Бу ҳақда Польша вазири Gazeta Wyborcza, La Repubblica i El Pais нашрларига берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзади “Европейская Правда”.

Унинг сўзларига кўра, Украинага қўшин киритиш масаласида ҳеч қандай вариантни инкор этиб бўлмайди.

“Биз ҳеч қандай вариантни истисно қилмаслигимиз керак. Путин нима қилишимизни тахмин қилсин”, — деди Сикорский.

Кремль ҳукмдори Владимир Путин гўёки Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб боришга тайёрлиги ҳақидаги Reuters агентлигининг хабарлари ҳақидаги саволга Сикорский унга нисбатан «ишонч чекланганини» айтади.

“Агар у ҳарбий ҳаракатларни тўхтатмоқчи бўлса, Украинадан қўшинларини олиб чиқиб, урушни тўхтатсин. У буни битта қўнғироқ билан қила олади. У телефонда нима дейишини ҳатто тасаввур ҳам қиляпман: «Генерал Герасимов, эртадан бошлаб, махсус ҳарбий операцияни тўхтатинг». Фожиа шундаки, Украина уни бунга мажбурлай олмайди”, — дея қўшимча қилади у.

Эслатиб ўтамиз, май ойи ўрталарида Американинг The New York Times газетаси НАТОга аъзо баъзи давлатлар Украина ҳарбийларини ўқитиш ва техникани таъмирлашда ёрдам бериш учун Украина ҳудудига ҳарбий инструкторлар ёки пудратчиларни юбориш имкониятини ошкора қилмасдан муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.