Польша Украинага ҳарбий хизматга чақириқ ёшидаги эркакларни ватанига қайтаришда ёрдам беришга тайёр
Польша мудофаа вазири Косиняк-Камиш унинг мамлакати Украинага Россия қўшинлари тўлиқ кўламда истило бошлаганидан кейин чет элга кетган ҳарбий хизматга чақириқ ёшидаги эркакларни қайтаришда ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди, деб ёзади Медуза.
Польша айнан қай тарзда ёрдам беришига вазир аниқлик киритмади, аммо “ҳар қандай ёрдам имконияти бор”лигини қўшиб қўйди.
Украинада сафарбарлик ҳақидаги янги қонун қабул қилинган, у майда кучга киради. Янги қоидалар бўйича Украина қуролли кучлари сафига 500 минг нафаргача одам қўшилиши кутилмоқда, аммо қонунда сафарбар қилинадиганлар сони аниқ белгиланмаган.
Россия қўшинлари Украинага тўлиқ кўламда бостириб киргач, 4,3 миллион украиналик, шу жумладан 860 минг нафар вояга етган эркаклар Евроиттифоқ мамлакатларига кетиб қолган. Польша қабул қилинган украиналикалр сони бўйича Германиядан кейинги иккинчи ўринда турибди — у қарийб 950 минг кишига вақтинчалик бошпана берган.
Эслатиб ўтамиз, Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг барча элчихоналарига чет элда бўлиб турган 18—60 ёш оралиғидаги эркак фуқароларга консуллик хизматлари кўрсатишни вақтинчалик тўхтатиб туришни буюрди. Консуллик хизматларидан фойдаланиш имконияти “Россиянинг Украинага қарши давом этаётган қуролли тажовузи” туфайли ҳамда Украина фуқароларининг “ҳарбий ҳисобга қўйиш масаласини тартибга солиш бўйича мажбуриятлар”дан қочишига йўл қўймаслик мақсадида чекланмоқда.
Шарҳлар