Ливанда ёппасига портлаган пейжерларда 20 г портловчи модда бўлган
Ливаннинг бир нечта туманларида ёппасига портлаган пейжерлар кўпи билан 20 г оғирликка эга портловчи модда билан тўлдирилган бўлган, деб хабар бермоқда Al Jazeera телеканали Ливан хавфсизлик хизматларидаги манбасига таяниб. Айни пайтда Ливан махсус хизматлари ушбу портловчи қурилма қандай ишга туширилганини ўрганмоқда.
Телеканал манбасига кўра, портлаган қурилмалар Ливанга беш ой аввал келтирилган. Аввалроқ бошқа нашрлар пейжерлар янги партиядан бўлгани ҳақида ёзганди.
Эслатиб ўтамиз, пейжерларнинг портлаши билан боғлиқ илк ҳодисалар 17 сентябрь куни маҳаллий вақт билан 15:45 (Тошкент вақти билан 17:45) да юз берди. Дастлаб ўнлаб одамлар жабрлангани ҳақида хабар берилди, аммо бир соат мобайнида яраланганлар сони минг кишидан ошиб кетди. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, 11 киши ҳалок бўлиб, қарийб 4 минг киши жабрланган.
“Ҳизбуллоҳ” ҳаракатнинг икки аъзоси, шу жумладан, Ливан парламенти аъзоси Али Аммарнинг ўғли ҳалок бўлганини маълум қилди. Жабрланганлар орасида эса Эроннинг Ливандаги элчиси Мужтаба Аманий ҳам бор. “Ҳизбуллоҳ” ҳодисада Исроилни айблади.
Шарҳлар