Президент Шавкат Мирзиёев ва ХХР раиси Си Цзиньпиннинг Остонада учрашдилар

Фото: president.uz

Остона шаҳрига амалий ташриф доирасида 3-июл куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг музокаралари бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Хитой Раисига Ўзбекистондаги ортга қайтмас ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлаётгани ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаётгани учун самимий миннатдорлик билдирди.

Етакчилар кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишларида улкан ютуқларга эришилганини таъкидладилар.

Ўзбекистон Президентининг жорий йил январ ойида Хитойга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Ҳукуматлар, парламентлар, ташқи сиёсат ва тармоқ идоралари даражасидаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашди.

Йил якунига қадар Ташқи ишлар вазирлари стратегик мулоқотининг иккинчи йиғилишини Тошкент шаҳрида ўтказиш режалаштирилган. Яқин кунларда Хитой парламентининг юқори даражадаги делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда.

Хитойнинг етакчи молиявий тузилмалари билан ҳамкорлик кенгаймоқда. Хусусан, “Ипак йўли” жамғармаси билан инвестиция платформаси яратилди, Хитой Эксимбанки кўмагида пойтахтимизда Олимпия шаҳарчаси қурилиши якунланмоқда. Ушбу банкнинг Тошкент шаҳрида ҳудудий филиали очилиши кутилмоқда.

Президент ХХР Раисини камбағалликка қарши курашиш соҳасида амалий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаётганини алоҳида таъкидлади. Бу муҳим йўналишда тажриба алмашиш бўйича узоқ муддатли дастур қабул қилиш таклифи билдирилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, “Марказий Осиё – Хитой” формати ва бошқа халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасидаги яқин ҳамкорлик давом эттирилади.

Давлатимиз раҳбари ХХР етакчисига ШҲТга раислик даврида катта муваффақиятлар тилади ва музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти ХХР Раисини мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди.

Учрашув ҳар доимгидек ўзаро ишонч, очиқлик ва дўстлик руҳида ўтди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.