Қирғизистонда президент Садир Жапаровнинг жияни ҳибсга олинди
Қирғизистонда президент Садир Жапаровнинг жияни ҳибсга олинди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Улан Жапаров ўта йирик ҳажмдаги фирибгарликда гумонланмоқда: у Қирғизистон президентининг вилоятлардан биридаги мухтор вакили лавозимини ваъда қилиб, 100 минг доллардан зиёд суммада мукофот олган.
Улан Жапаров ўтган ойда қўлга олинган ва 19 августга қадар ҳибсда сақланади. У 32 ёшда бўлиб, Қирғизистон президентининг амакиваччаси Ракимжан Жапаровнинг ўғлидир. Қайд этилишича, Улан Жапаров бир йил аввал ҳам божхонадаги порахўрликда гумонланиб ҳибсга олинган, аммо тўрт ойдан кейин уй қамоғига юборилган эди, бу иш ҳалигача суд томонидан кўриб чиқилмоқда.
“Президент Садир Жапаров ўзгармас позицияга риоя қилади ва жиноий хатти-ҳаракатларни амалга оширганлар лавозими ва ижтимоий мавқейидан қатъи назар, қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилиши шарт”, — деди президент матбуот котиби Аскат Алагозов.
Шарҳлар