Приднестровье ортидан Гагаузия ҳам РФдан ёрдам сўради
Молдова таркибидаги Гагауз мухторияти етакчилари 1 март куни Москвага ташриф буюриб, Молдова ва Россия ўртасидаги тўғридан-тўғри транспорт алоқаларини тиклаш шаклида ёрдам сўрашди. Мухторият раҳбари Евгения Гуцул Гагаузия аҳолисининг ҳуқуқлари Молдова марказий ҳокимияти томонидан босим остида қолаётганидан шикоят қилган ва мухторият Россия Федерацияси билан муносабатларни янада ривожлантиришни хоҳлашини билдирган.
28 февраль куни тан олинмаган “Приднестровье Молдавия Республикаси” («ПМР») “депутатлари қурултойи”да ҳам Россиядан “Молдова босими кучайиб бораётгани сабабли Приднестровьени ҳимоя қилишни” сўраганди. Молдовалик сиёсатшунос ва истеъфодаги дипломат Алексей Тулбуренинг фикрича, Приднестровье ва Гагаузия раҳбарларининг баёнотлари Молдовадаги президентлик сайловлари арафасида «олдиндан келишиб олинган бир қатор ҳаракатлар»дир.
Транспорт алоқалари ҳақидаги сўров «географияни мағлуб этишга» уриниш каби кўринади, дейди у, чунки Молдовадан Россияга автобуслар Европа Иттифоқи мамлакатлари орқали ўтади, «Украинани эса харитадан ўчириб бўлмайди». DW суҳбатдоши, шунингдек, Москва мухториятни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашига шубҳа қилмоқда. Янги йилдан бери у ерда шусиз ҳам оғир иқтисодий вазият Приднестровьедаги каби ёмонлашган.
Германия Ташқи ишлар вазирлиги Приднестровье ҳукуматининг баёнотидан сўнг Молдованинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини ва можарони ушбу мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети асосида ҳал этиш тарафдори эканлигини билдирди. Берлин, шунингдек, Москвани ўз қўшинларини “Молдованинг Приднестровье қисми”дан олиб чиқиб кетишга чақирди, бу ерда улар БМТнинг 2018 йилдаги резолюциясини бузмоқда.
Шарҳлар