«Путь домой» ҳаракати РФ президенти сайловларида бюллетенларни бузишга чақирди
Урушга сафарбар этилганларнинг “Путь домой” (“Уйга йўл”) ҳаракатига аъзо яқинлари ўз тарафдорларини сайловга келишга ва икки ва ундан ортиқ номзод учун белги қўйиб, бюллетенни бузишга чақирди.
Ҳаракат фаоллари бундай ҳаракатни муддатсиз сафарбарликка қарши норозиликнинг энг тўғри шакли, деб ҳисобламоқда. Илгари сафарбар этилганларнинг хотинлари Россия президентлигига номзодлар билан бир неча бор мулоқот ўрнатишга уринган. Бироқ, фақат Борис Надеждин аёллар билан учрашишга ва уларнинг талабларини қўллаб-қувватлашга рози бўлди, бироқ Марказий сайлов комиссияси унинг сайловларда иштирок этишига рухсат беришдан бош тортди.
“Биз курашни давом эттирамиз. Эрларимиз, ўғилларимиз, акаларимиз ва оталаримиз учун курашамиз. Бу бизнинг масъулиятимиз! Биз пассив кузатувчи бўлиб қолмаслигимиз керак. Овозимиз бор ва биз ундан фойдалана оламиз. (…) Биз нафақат сайловга боришни, балки ўз овозимизни янада радикал йўл – бюллетенларни бузиш билан баландлатишни таклиф қиламиз, чунки демобилизациядан хавотир олаётган номзод йўқ. Бу бизнинг норозилигимиз ва сўровларимизга жавоб бермаётган мавжуд тизимдан норозилигимиздан яққол далолат бўлади”, – деб ёзади ҳаракат фаоллари.
Ҳаракат иштирокчиларидан бири Мария Андреева ўз каналида мухолифатнинг “Путинга қарши чошгоҳ” акциясини қўллаб-қувватлаб, тарафдорларини маҳаллий вақт билан роппа-роса соат 12:00 да сайлов участкаларига келишга чақирди.
Шарҳлар