Путин 18-19 июнь кунлари Шимолий Кореяга ташриф буюради

Фото: euronews.com

Кремл Владимир Путиннинг КХДРга ташрифи саналарини эълон қилди, у 18-19 июнь кунлари бўлиб ўтади. Путин КХДРга 2000-йилда ҳам ташриф буюрган эди.

Сафар Украина ва Ғарб томонидан Шимолий Корея Россияга катта ҳажмдаги ўқ-дорилар – артиллерия снарядлари ва баллистик ракеталар етказиб беришда айбловлари фонида бўлиб ўтади.

Жорий йил бошида Украина Хавфсизлик хизмати 2023 йил охиридан бери Россия ҳарбийлари Украина ҳудудига Шимолий Кореянинг 20 дан ортиқ қуролини отгани, жумладан 2024-йил 2-январ куни Харковга Хвасон-11 ракетаси билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берган эди.

Умуман олганда, АҚШнинг ЕХҲТдаги миссияси раҳбари ўринбосари Трейси Нюеллнинг жорий йил май ойи бошида берган маʼлумотларига кўра, 2023 йил охиридан бери Шимолий Корея Россияга деярли 11 минг контейнер ўқ-дори юборган.

2006 йилдан бери Шимолий Корея ядровий дастур ишлаб чиққани ва баллистик ракеталар ишлаб чиқаргани учун санксиялар остида. Россияга ракета етказиб бериш, БМТ экспертларининг фикрича, бу санксияларни бузиши мумкин.

Ўқ-дорилар етказиб берилишига жавобан, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши ма’лумотларига кўра, Россия санксияларни четлаб ўтиб, КХДРга нефт маҳсулотларини етказиб бермоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.