Путин АҚШдаги Россия мулкининг олиб қўйилишига жавобан Америка активларининг мусодара қилинишини маъқуллади
Владимир Путин имзолаган фармонга кўра, Американинг Россиядаги мулки АҚШда Россия мулкининг мусодара қилинишидан Россия Федерациясига етказилган зарарни қоплаш учун ишлатилиши мумкин.
Апрель ойида АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси Украинага қарийб 61 миллиард доллар ажратувчи қонун лойиҳасини қабул қилган эди. Қонун лойиҳаси, шунингдек, Россия активларини мусодара қилиш, жумладан, суверен Россия активларидан блокировкани олиб ташлашни тақиқлаш, шунингдек, Украинани қайта тиклаш учун шундай активлардан фойдаланишга рухсат бериш қоидаларини ўз ичига олади.
Май ойида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен АҚШ Конгресси Россия активларини мусодара қилиш ваколатини берганини ва Вашингтон улардан фойдаланиш ниятида эканини айтган эди. Сўз Россия Федерацияси Марказий банкининг санкцияга учраган 300 миллиардлик олтин-валюта захираларининг кичик бир қисми ҳақида бормоқда – бу тахминан 6 миллиард долларни ташкил қилиб, Украинадаги урушдан олдин Марказий банк уларни АҚШда ушлаб туришни давом эттирганди.
Шарҳлар