,

“Путин билан муносабатларимиз жуда яхши”: Трамп Украинадаги урушни “жуда тез” тугатишга ваъда берди

Фото: Reuters

АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп яна бир марта Украинадаги уруш билан боғлиқ вазиятни “жуда тез” ҳал қилишга ваъда берди. У ўзи “яхши танийдиган” Украина ва Россия президентларини мулоқотга жалб эта олишига ишонч билдирди. Бу ҳақда Трамп Айовада Республикачилар партияси праймеризида ғалаба қозонганидан кейин берган нутқида айтиб ўтди. АҚШ собиқ президентининг сўзларига кўра, бу ерда ундаги устунлик шундаки, у Путин билан “жуда яхши чиқишади”.

“Путин билан муносабатларимиз аъло даражада. Биз жуда яхши келишамиз. Бу яхши, ёмон нарса эмас. Агар сохта хабарлар ҳақиқий ва рост янгиликларга айланганида эди, бу мамлакатдаги муаммоларимизнинг 90 фоизи ечим топган бўларди… Украина билан боғлиқ вазият шунчалик даҳшатлики… Биз эса буни ҳал қилмоқчимиз, жуда тез ҳал қилмоқчимиз”, — деди Трамп.

Сиёсатчининг қўшимча қилишича, Путин билан муносабатлари яхши бўлгани сабабли, у билан келишиб олишга қодир. Бундан ташқари, у мулоқотга Украина президенти Владимир Зеленскийни ҳам жалб эта олишига ишончи комил.

“Президент Путинни жуда яхши танийман, Зеленскийни ҳам жуда яхши биламан, уни жалб эта оламан, буни жуда тез ҳал қиламиз. Бу (уруш) ҳеч қачон юз бермаслиги керак эди”, — дея қўшиб қўйди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп АҚШдаги президентлик пойгасида илк ғалабасини қўлга киритганди. У Айова штатида республикачилар кокуслари иштирокчиларининг кўпчилиги томонидан қўллаб-қувватланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.