Путин 2000 йилдан буён биринчи марта Шимолий Кореяга келди
18 июнь куни кечқурун Россия президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан Пхеньянга етиб борди, деб ёзади Медуза. Аэропортда уни КХДР етакчиси Ким Чен Ин кутиб олди.
Путиннинг Шимолий Кореяга ташрифи икки кун давом этади. 19 июнь куни турли форматларда Путин билан музокаралар режалаштирилган, шу жумладан, Ким Чен Ин билан шахсий учрашув ҳам бўлиб ўтади.
Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Путиннинг ташрифи чоғида қўшма ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилаётгани, улар орасида Россия ва КХДР ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ҳам борлигини маълум қилган эди.
Бу Путиннинг Пхеньянга иккинчи ташрифи бўлиб, биринчи марта у КХДРга 2000 йилда келганди.
Ғарб ОАВлари Россия КХДР билан ҳарбий ҳамкорликни кескин кучайтиргани, ундан, хусусан, Украинадаги жанг зонасида фойдаланиш учун снаряд ва ракеталар олгани ҳақида кўп марта ёзганди. Россия қўшинлари Украина ҳудудини ўққа тутиш учун Шимолий Корея ракеталарини қўллаётгани ҳақида АҚШнинг БМТдаги вакиллари ҳам маълум қилганди.
Шарҳлар