Путин Ватан ҳимоячилари кунига аталган табригида Россиянинг ядро қуроли янгиланганини маълум қилди
Россия стратегик ядро кучларини янгилашда давом этмоқда, унинг 95 фоизи аллақачон янги қурол-яроғ ва техника билан таъминланди, дея маълум қилди РФ президенти Владимир Путин россияликларни Ватан ҳимоячилари куни билан табриклар экан.
“Янги “Циркон” гипертовушли ракеталарни серияли чиқариш бошланди. Бошқа зарбдор комплекслар синовлари якунланмоқда. Ўтган йил декабрида Ҳарбий-денгиз флоти таркибига янги стратегик сувости кемалари кирди. Яқинда Қозонда Қуролли кучларга тўртта Ту-160М ракетаносецлари берилди”, — деди Путин.
Россия ядро кучлари 95 фоизга модернизация қилингани ҳақида Путин ўтган йил охирида Мудофаани бошқариш миллий марказидаги нутқи чоғида айтиб ўтганди. Бироқ The Moscow Times’га изоҳ берган экспертларга кўра, бу амалда катта аҳамиятга эга эмас.
“Бу фоиз кўрсаткичларининг маъноси йўқ. Улар руҳлантирувчи шиорлар, холос, уларнинг ортида кўп нарса йўқ”, — деди Россия ташқи ва мудофаа сиёсати бўйича эксперт, сиёсатшунос Павел Лузин.
Шарҳлар