Путин: Россия техникавий нуқтайи назардан ядро урушига тайёр
Россия президенти Владимир Путин “РИА Новости”га берган интервьюсида РФ ҳарбий-техникавий жиҳатдан ядро урушига тайёр эканини маълум қилди. Унинг айтишича, Украина ҳудудидаги ҳарбий операция чоғида бирор марта ҳам тактик ядро қуролини қўллаш зарурати юзага келмаган.
“Ҳарбий-техникавий нуқтайи назардан биз, албатта, тайёрмиз. Улар (ядро кучлари) бизда доимий равишда жанговар шайлик ҳолатида туради”, — деди Владимир Путин. У Россия ядро триадаси бошқа ҳар қанақасидан замонавийроқ эканини айтди. Агар гап Россия давлати мавжудлиги, унинг суверенитети ва мустақиллигига зиён етказиш ҳақида борса, РФ ядро қуролини қўллашга тайёр бўлади, деди у.
Россия президенти сўзларига кўра, АҚШ ҳозир ўз ядро кучлари замонавийлигини ошириш вазифасини қўймоқда ва ўзининг барча компонентларини ривожлантирмоқда. “Биз ҳам”, — дея таъкидлади у. Путин, агар АҚШ шундай йўл тутса, Россия ҳам ядро қуроли синовини ўтказишини истисно қилмади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2022 йил ёзининг охири ва кузининг бошида АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши Вашингтоннинг Украинада ядро қуроли қўлланилиши эҳтимоли бўйича режаларни муҳокама қилиш учун бир қатор йиғилишларни ўтказгани, бундан ташқари, Қўшма Штатлар бу борадаги хавотирларини Хитой ва Ҳиндистон билан ўртоқлашгани хабар берилган эди. Вашингтоннинг хавотирларига Америка разведкасидан олинган маълумотлар, шунингдек, Украина армиясининг муваффақиятлари фонида турли даражадаги Россия Федерацияси вакилларидан тегишли таҳдидлар тўлқини сабаб бўлган. 2022 йил сентябрида Путиннинг ўзи бу ҳақда маълум қилган, бу нафақат Ғарб давлатлари, балки Россия Федерацияси «дўстона» мамлакатлар деб ҳисоблаган Ҳиндистон ва Хитой раҳбарлари томонидан ҳам танқид қилинди.
Шарҳлар