Путиннинг интервьюси Москва телеэфирида муваффақиятсизликка учради
Россия президенти Владимир Путиннинг америкалик журналист Такер Карлсонга берган интервьюси Москвада телетомошабинлар орасида катта қизиқиш уйғотмади, деб хабар беради The Moscow Times.
Кенг реклама қилинган ва Кремль томонидан “бутун дунёда зўр иштиёқ билан томоша қилингани” айтилган интервью 4 февралдан 11 февралгача бўлган бир ҳафталик энг оммабоп теледастурлар ўнлигига кирмади. У барча аудиториялар (4+) ичида 3,2 фоиз рейтингга эга бўлди ва 11-ўринда жойлашди.
Теледастурни томоша қилган одамларнинг ўртача сонини аҳолига нисбатан фоизда ҳисоблайдиган рейтинг бўйича, Россия президентининг интервьюси СССР давридаги жиноятлар ҳақида ҳикоя қилувчи “Следствие вели” ҳужжатли кўрсатуви билан бир хил даражада жойлашди. Mediascope рейтинги бўйича эса 12-ўринни эгаллади.
9 февраль куни Такер Карлсоннинг Россия президенти Владимир Путин билан интервьюси чиқди. Х ижтимоий тармоғидаги ролик аллақачон 200 миллион мартадан кўпроқ томоша қилинди. Интервьюдан сўнг Карлсон Россия президенти Украинадаги низони тугатиб, муроса қилишга тайёрлиги ҳақида фикр билдирди.
Кейинроқ у Украина ҳатто Ғарб мамлакатлари кўмагида ҳам Россия билан низода ғолиб чиқа олмаслигини таъкидлади.
Шарҳлар