Саудия Арабистонида бу йил қарийб 200 киши қатл этилган
AFP агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, Саудия Арабистонида бу йил сўнгги 30 йил ичидаги энг кўп сонли одамлар қатл қилинган. 28 сентябрь куни яна учта ўлим жазоси ҳукми ижро этилгач, қиролликда 2024 йилдаги қатлларнинг умумий сони 198 тага етди.
Ўтган йили Саудия Арабистонида 170 киши қатл этилган, 2022 йилда эса 196 та ўлим жазоси ҳукми ижро этилган эди.
Жорий йилда мамлакатда 32 киши терроризмда айбланиб, яна 52 киши эса наркотиклар ҳақидаги ишлар бўйича қатл қилинган. Саудия ҳукумати баёнотларига кўра, ўлим жазоси “жамоат тартибини сақлаш” вазифасини ўтайди ва маҳкумларнинг барча юридик имкониятлари тугаганидан кейингина ижро этилади.
Аммо, қайд этилишича, Саудия Арабистонида қатлларнинг катта сони валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг гапларига зид келади. 2022 йилдаёқ The Atlantic нашрига берган интервьюсида шаҳзода мамлакатдаги ўлим жазоси ҳақидаги ҳукмлар энди фақат қотиллик ёки кўплаб одамлар ҳаётига хавф солганлик учунгина чиқарилаётганини таъкидлаганди.
Шарҳлар