Гитанас Науседа Литва президенти лавозимига қайта сайланди
Литва президенти сайловларининг иккинчи босқичида амалдаги президент, 60 ёшли Гитанас Науседа ғолиб бўлди. Дастлабки натижаларга кўра, у овозларнинг тахминан 75 фоизини тўплаган, деб ёзади DW.
Науседанинг рақиби, 49 ёшли бош вазир Ингрида Шимоните аллақачон ўз мағлубиятини тан олган ва уни ғалаба билан табриклаган.
Икки ҳафта аввал бўлиб ўтган сайловларнинг биринчи босқичида Науседа 44 фоиз, Шимоните эса 20 фоиз овоз йиғган эди.
Президентлик пойгасининг асосий мавзуси Россиянинг Украинага қарши уруши ва унинг Литва миллий хавфсизлиги учун оқибатлари бўлди. Науседа Украинанинг Россия тажовузига қарши мудофаасида унинг қатъий тарафдори сифатида ном қозонди.
Литва президентининг асосий ваколатлари ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсатида акс этади. Науседа худди Шимоните каби, Европада хавфсизлик соҳасидаги вазият ўзгарган бир пайтда Литвага беш минг нафар ҳарбий хизматчидан иборат бундесвер бригадаси жойлаштирилишига эришмоқчи.
Шарҳлар