Бразилия собиқ президентига Саудия Арабистонининг қимматбаҳо совғаларини ўзлаштириш иши бўйича айблов эълон қилинди
Бразилия собиқ президентига Саудия Арабистонининг қимматбаҳо совғаларини ўзлаштириш иши бўйича айблов эълон қилинди Бразилия собиқ президенти Жаир Болсонаруга Саудия Арабистони ҳукумати томонидан ҳадя этилган қимматбаҳо безакларни ўзлаштириш ҳақидаги иш доирасида айблов эълон қилинди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Аммо политсия уни ҳибсга олиш учун ордер сўрамаган.
Globo нашри хабарига кўра, Жаир Болсонару президент лавозимини эгаллаб турган пайтида унинг ёрдамчилари Саудия Арабистони ва Баҳрайндан юборилган совғаларнинг камида тўрттасини сотган ёки сотишга уринган. Улар орасида 3,2 миллион долларлик қимматбаҳо тақинчоқлар ҳам бўлган. Жаир Болсонару давлат мулкини ўзлаштиришда, жиноий тил бириктиришда ва пул ювишда айбланмоқда.
Февралда полиция Болсонаруга паспортини топшириш мажбуриятини юклаган эди. Шу тариқа, у эҳтимолий ҳибс арафасида мамлакатни тарк этиш имкониятидан маҳрум этилган. Ундан аввалроқ полиция Болсонарунинг президентлиги даврида вазир лавозимларини эгаллаган шахсларга алоқадор кўчмас мулкларни тинтув қилиш учун ордерни қўлга киритган.
Жаир Болсонару 2019—2023 йилларда Бразилия президенти бўлган. Давлат раҳбари лавозимини у 2024 йил 1 январда тарк этди. Ўз муддати тугашига бир неча кун қолганида у АҚШга учиб кетди. Шундан кейин сайлов натижаларидан норози бўлган собиқ етакчи тарафдорлари намойишга чиқиб Бразилия пойтахтидаги давлат органлари биноларига ҳужум уюштирди.
Шарҳлар