Қирғизистон ИИВ раҳбари 11 нафар журналистнинг ҳибсга олинишига изоҳ берди
Қирғизистон Республикаси ички ишлар вазири Уланбек Ниязбеков «Кабар» давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида Temirov Live ва “Айт, айт десе” лойиҳаларининг 11 нафар собиқ ва амалдаги ходимларининг ҳибсга олинишига изоҳ берди.
Ички ишлар вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, журналистларнинг ҳибсга олинишида ҳеч қандай сиёсий мақсад йўқ. Шунингдек, у ҳибсга олинганлар орасида фақат иккитаси журналистлик таҳсилга эга эканини, қолганлари эса блогер ҳисобланишини қайд этди, деб ёзади “Азаттык”.
“Улар ёлғон маълумот тарқатиб, туҳмат билан шуғулланса, жавоб қайтармай иложимиз йўқ. Журналистика қонунларини билмайдиган, тегишли билимга эга бўлмаганлар ҳам бор. Улар билмайди ва ёлғон маълумот тарқатади, одамларни саросимага солади. Уларни журналистлар, деб шов-шув кўтаришга ҳожат йўқ”, — деди вазир.
Бундан ташқари, Ниязбековнинг сўзларига кўра, Европа ва АҚШда журналистлар ёлғон маълумот тарқатмайди, агар у чоп этилса, ҳибсга олиш ёки компенсация тўлаш тарзида жавобгарликка тортилади. Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлиги раҳбари Қирғизистонда сўз эркинлиги борлигини ва ҳеч ким мамлакат расмийларини танқид қилишни тақиқламаслигини, аммо маълумот далиллар билан тасдиқланиши кераклигини қўшимча қилади.
Шарҳлар