Қирғизистон президенти Бишкекдаги тартибсизликлардан кейин икки кундан сўнг мурожаат билан чиқди

Фото: РИА Новости / Алексей Майшев

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Бишкекдаги тартибсизликлардан икки кун ўтиб, 15 дақиқалик мурожаат билан чиқди.

18 майга ўтар кечаси юз берган тартибсизликлар ҳақида:

  • Агар ҳуқуқ-тартибот идоралари 13 май куни содир бўлган воқеа (бир нечта номаълум шахс бир кишини калтаклагани акс этган видео) бўйича ўз вақтида чора кўриб, ўз ҳаракатларини зудлик билан жамоатчиликка ошкор қилганида, тартибсизликлар рўй бермаган бўларди;
  • “Вазиятни оғирлаштиришдан манфаатдор бўлган” бошқа кучлар воқеадан фойдаланишга муваффақ бўлди;
  • Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 13 май куни содир бўлган воқеа юзасидан тергов олиб борар экан, интернетда калтаклангани акс этган видео эълон қилинди, бу “ёшларга янада кўпроқ “тегиб кетди” ва интернетда сохта миллий ғурур туйғусини уйғотувчи провокацион постлар билан бирга кечди”.

Айтмоқчиманки, ҳокимият тепасига кела олмаган, коррупцияга қарши курашишни маъқулламаган ва қамоқда ўтирганлар провокацион маълумотларни тарқатиш учун махсус вотсап  ва сохта аккаунтларни яратган.

18 майга ўтар кечаси кўчага чиққанлар орасида “ёмон ният билан қурол кўтариб тартибсизлик уйғотмоқчи бўлганлар” ҳам бор. Шунинг учун улар куч билан тарқатилмади;

  • Шу боис президент хавфсизлик кучларига: “Вазиятни назоратга олинг, ёшлар билан доимий равишда тушунтириш ишларини олиб боринг ва вазиятни тўқнашувларсиз барқарорлаштиришга ҳаракат қилинг” деган топшириқ берди;
  • Агар талончилик бошланганида, қаттиқ чоралар кўрилган бўларди.

“Яхшиямки, бу содир бўлмади. Албатта, даставвал талабаларнинг яшаш жойларига ҳужум қилишга уринган безорилар ҳам бўлган. Биз уларни ўз вақтида тўхтата олдик. Энди уларнинг ҳаммаси муносиб жазосини олади”.

Жапаров, шунингдек, расмийлар “бу воқеадан муҳим сабоқ олгани”ни ва келгусида халқ бу каби чақириқларни провокацияларга берилмасдан, эҳтиёткорлик билан ва синчиклаб кўриб чиқишига умид билдирди.

“Бундай воқеа такрорланса, ҳуқуқ-тартибот идоралари дастлабки дақиқаларданоқ куч билан тарқатиш усулларига ўтади. Энди хавфсизлик кучлари аввалгидек кучсиз эмас. Ким бўлишидан қатъи назар, бизнинг фуқаромизми, хорижликми, давлатимиз яхлитлигига тажовуз қилса ёки тартибсизликлар келтириб чиқарса, қаттиқ жазоланади”.

Президентнинг таъкидлашича, “ватанпарвар ёшлар”нинг чет эл фуқароларининг ноқонуний миграциясини тўхтатиш ҳақидаги талаблари “албатта тўғри”. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги томонидан ноқонуний равишда яшаётган хорижликларни аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

У қирғизистонлик ёшларни бағрикенгликка чақириб, хорижлик талабалар ўқиш учун пул тўлаши ва мамлакат иқтисодиётига фойда келтиришини эслатиб ўтди.

“Буни шунинг учун ҳам айтяпманки, биз ташқи дунё, инвестициялар, туризм ва ҳеч бўлмаганда меҳмондўстлик одатларимизни ривожлантириш билан муносабатларимизни бузмасликка ҳаракат қилишимиз керак. Ҳеч бўлмаганда, хориждаги ўғил-қизларимиз ҳам худди шундай муомалага дуч келиши мумкинлигини унутмаслигимиз керак”.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.