Саудия Арабистони қироли пневмония касаллигига чалинди
Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдул Азиз Ал Сауд тиббий кўрикдан ўтиш учун касалхонага олиб борилгач, унда пневмония касаллиги аниқланди, деб ёзади “Коммерсантъ” қироллик саройи матбуот хизматига таяниб. Аввалроқ 88 ёшли қиролнинг тана ҳарорати кўтарилгани ва бўғимларида оғриқ бошлангани хабар берилганди.
“Бу ўпка инфекцияси экани аниқланди ва тиббий бригада у инфекция ўтиб кетмагунига қадар антибиотиклардан иборат даволаш дастуридан ўтиши керак, деган қарорга келди”, — дейилади хабарда.
Салмон бин Абдул Азиз Ал Сауд — қирол Абдул-Азиз Ал Сауднинг 25-ўғли ҳисобланади. 2011 йил ноябрида у Саудия Арабистони мудофаа вазири этиб тайинланган эди. Қироллик тахтига эса у 2015 йил январида ўтирди. Буюк Британиянинг 96 ёшли қироличаси Елизавета II 2022 йил сентябрида вафот этгач, Салмон бин Абдул Азиз Ал Сауд дунёдаги энг кекса монархга айланди.
Шарҳлар