Қозоғистондаги сув тошқинидан кейин 43 015 киши ўз уйига қайтарилди

Фото: Ulysmedia

Атирау вилоятида Жайиқ дарёси сув сатҳининг мониторинги давом этмоқда. Қирғоқларни мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда. Кун давомида 70 та хонадондан сув йўналтирилиб, тортилиб, 202 минг дона қоп ётқизилди. Бу ҳақда Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда ҚР Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакили Асқар Шарип маълум қилган.

“Шу соатга келиб республика бўйича 43 015 киши ўз уйига қайтди. 6338 киши эвакуация марказларида қолмоқда. Шимолий Қозоғистон, Атирау ва Ақтўбе вилоятларидаги 7 710 та уйлардан ва 2844 та ҳовли майдонидан сув йўналтирилди ва насос билан тортилди”, – деган Асқар Шарип.

Унинг сўзларига кўра, қутқарув ва сув тошқини олдини олиш ишларига жами 14 мингдан ортиқ киши ва 1529 та техника, 226 та сув насос ускунаси, 100 та сузиш ускуналари, 6 та ҳаво кемаси жалб этилган.

ҚР Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакилининг қўшимча қилишича, Шарқий Қозоғистон вилоятида ёмғир кўринишидаги кучли ёғингарчилик туфайли Бухтарма ва Киши Ульба дарёларида сув сатҳи кўтарилган. Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 68303-ҳарбий қисми ҳамда Табиий офатлар тиббиёти марказининг куч ва воситалари гуруҳи Алтай ва Глубоковский вилоятларига жўнатилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.