Санкт-Петербургда автобус дарёга тушиб кетиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 7 кишига етди
Россия Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург бўйича бошқармаси маълум қилишича, автобус Мойка дарёсига тушиб кетиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони етти кишига етган, деб ёзади “Коммерсантъ”. Аввалроқ уч нафар қурбон ҳақида маълум бўлган эди. Яна икки киши оғир аҳволда, тўрт киши эса клиник ўлим ҳолатида эди.
10 май куни кундузи 20 нафар йўловчини олиб кетаётган автобус автомобиль билан тўқнашиб, кўприкдан Мойка дарёсига қулади. ИИВ ходимлари автобус ҳайдовчисини қўлга олди, у ушбу иш бўйича гумонланувчи сифатида кўрилмоқда.
Автобус ҳайдовчисининг рафиқаси 78.ru нашрига маълум қилишича, эркак иш графиги бир меъёрда бўлмагани сабабли уйқусизликдан азоб чеккан. Транспорт бўйича шаҳар қўмитаси ҳайдовчи иш бошлашидан аввал тиббий кўрикдан ўтгани, унинг меҳнат ва дам олиш режими жойида бўлганини қайд этди. Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматларни кўрсатиш моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Шарҳлар