Россиянинг Мурманск вилояти раҳбарига қуролли ҳужум уюштирилди. Бу сўнгги 15 йил ичидаги илк шундай ҳолатдир

Foto: “RBK”

Россиянинг Мурманск вилояти губернатори Андрей Чибис Апатити шаҳар аҳолиси билан учрашганидан кейин ҳужумга учради, деб хабар бермоқда “Интерфакс” вилоят матбуот хизматига таяниб.

“Қуролли ҳужум маданият саройи биносидан чиқишда амалга оширилди. Ҳужум қилган шахс қўлга олинди”, — деган нашр суҳбатдоши. Унинг сўзларига кўра, ҳужумдан кейин Чибис машинагача ўзи юриб борган.

Аниқлик киритилишича, губернатор қорнидан яраланган. Баъзи агентликлар ҳужум қилган шахс пичоқ билан қуроллангани ҳақида ёзмоқда.

Чибис касалхонага ётқизилган, унинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.

Губернаторга 42 ёшли маҳаллий фуқаро Александр Биданов ҳужум қилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. У қўлга олиниш чоғида яраланган.

“Агентство. Новости” қайд этишича, бу 2009 йилдан буён Россия вилояти раҳбарига ҳужум уюштирилиб, унинг яраланиши билан боғлиқ илк ҳолатдир. Ўшанда “Кавказ” федерал трассасида худкуш террорчи Ингушетия президенти Юнусбек Евкуровнинг автомобили яқинида бомба портлатган, у оғир яраланган, бироқ омон қолган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.