Эрон Бош штаби Раисий вертолёти ҳалокатига қўпорувчилик сабаб бўлгани ҳақидаги версияни рад этди
Эрон Қуролли кучлари Бош штаби мамлакат президенти Иброҳим Раисийнинг вертолёти ҳалокати юзасидан олиб борилаётган суриштирув ҳақида иккинчи ҳисоботини тақдим этди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Унда айтилишича, вертолёт қўпорувчилик ҳаракатлари натижасидаги портлаш туфайли ҳалокатга учрагани ҳақидаги версия истисно қилинган.
Ҳисоботга кўра, портлаш версияси вертолёт бўлаклари ва қисмлари ўрганиб чиқилганидан кейин истисно қилинган. “Улар ўртасидаги масофадан келиб чиқиб ва улар қай тарзда сочилиб кетганига кўра, парвоз чоғида ёки тепалик қиялигига тўқнашувдан бир неча сониялар аввал содир этилган қўпорувчилик натижасидаги портлаш версияси рад этилди”, — дейилади Бош штаб ҳисоботида.
Шунингдек, учувчилар ўртасидаги суҳбатлар ўрганиб чиқилгач, фавқулодда вазиятдан дарак берувчи белгилан аниқланмаган. Сўнгги марта улар вертолёт қулашидан 69 сония аввал алоқага чиққан. Ҳисоботда метеорологик маълумот хато бўлгани айтилади: вертолёт қулаган куни об-ҳаво шароитлари парвоз учун “қулай” ва “мос” деб айтилган эди.
Эрон президенти Иброҳим Раисийнинг вертолёти 19 май куни ҳалокатга учради. 20 май куни эрталаб куйиб кетган вертолёт бўлаклари Озарбайжон билан чегарадан 30 км узоқликда жойлашган Тавил қишлоғи яқинидан топилди. Вертолёт бортида президент билан бирга мансабдорлар делегацияси ҳам бўлган. Уларнинг барчаси ҳалок бўлган. Вертолёт ҳалокатининг асосий версияси сифатида об-ҳаво шароитлари айтилмоқда — вертолёт кучли туман чоғида кўриш зонасидан ғойиб бўлган, унинг бўлакларини 70 та қутқарув отрядлари 10 соат давомида қидирган.
Шарҳлар