Россия Украинага ракета билан зарбалар берди. Киевда уриб туширилган ракеталар бўлаклари турар жойларга қулади
21 мартга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинага ракета билан зарбалар берди. Бутун мамлакат бўйлаб ҳаво тревогаси эълон қилинди, деб ёзади Meduza.
Киевнинг ўзида ва унга яқин ҳудудларда ҳаво ҳужумига қарши мудофаа кучлари 30 га яқин ракетани уриб туширган. Шаҳар ҳарбий маъмурияти бошлиғи Сергей Попко қайд этишича, бу Киевнинг 44 кун ичида биринчи марта ўққа тутилишидир.
Дастлабки маълумотларга кўра, Киевнинг учта туманида уриб туширилган ракеталар бўлаклари турар жойларга ва биноларга, шунингдек, автомобилларга қулаган, ёнғинлар келиб чиққан.
Киев мэри Виталий Кличко ҳужум оқибатида ўн киши жабрланганини, уларнинг икки нафари касалхонага ётқизилганини маълум қилди.
Россия ва Украина ҳарбийлари ҳужумлар юзасидан расмий ахборот берганича йўқ.
Шарҳлар