Рамзан Қодировнинг ўғли Дубайда махсус кучлар мусобақасида медални қўлга киритди. Унда қатнашмаган бўлса ҳам
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ўғли, 16 ёшли Адам Қодиров Дубайда бўлиб ўтган UAE SWAT Challenge махсус топшириқли кучлар мусобақаларида медални қўлга киритди. Бундан Чеченистон парламенти раиси Магомед Даудов томонидан эълон қилинган видеони кўриб хабар топиш мумкин. “Кавказ.Реалии” нашри ушбу роликка эътибор қаратди.
Мусобақалар сайтида айтилишича, уларга Дубай полицияси ташкилотчилик қилган. Мусобақаларнинг тўртинчи куни якунларига кўра, Россия Ички ишлар вазирлигининг Чеченистондаги бўлинмаси махсус полки жангчиларидан иборат “Аҳмад” жамоаси энг яхши натижани кўрсатган. Ундан олдинги кунларда “Аҳмад” икки марта тўртинчи ва бир марта 12-ўринни эгаллаган.
Даудов ўз постида Адам Қодиров мусобақаларда республикадан борган жангчиларни қўллаб-қувватлаганини маълум қилди.
“Грозний-информ” агентлиги хабарида кичик Қодиров мукофотлаш маросимида Чеченистон раҳбари хавфсизлигини таъминлаш бўлими бошлиғи сифатида қатнашгани айтилади. Даудовнинг видеосида Адам Қодиров мукофотланиш учун биринчи бўлиб чиққан ва медаль олган.
Нашр эслатишича, 2023 йил сентябрида Рамзан Қодиров ўғли Адам тергов изоляторида Қуръонни ёқиш ҳақидаги иш бўйича айбланаётган Никита Журавелни дўппослаётгани акс этган видеони эълон қилганди. Чеченистон раҳбари ўшанда ўз ўғли билан фахрланишини айтганди. Шундан кейин Адам Қодировга кўплаб мукофотлар, Чеченистон қаҳрамони мақоми ва республика раҳбари хавфсизлигини таъминлаш бўлими бошлиғи лавозими берилди.
Шарҳлар