Олимлар: 2024 йил рекорд даражада иссиқ йилга айланиши мумкин
Июль ойи 13 ойлик ҳарорат рекордлари сериясига якун ясаган бўлса-да, 2024 йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йилга айланиши мумкин. Бу ҳақда Еврокомиссия томонидан қўллаб-қувватланувчи ва Евроиттифоқ томонидан молиялаштирилувчи Copernicus иқлим ўзгаришлари мониторинг хизмати маълум қилди, деб ёзади DW.
Унинг маълумотларига кўра, ўтган ой 1940 йилдан буён кузатувлар тарихида 2023 йил июлидан кейинги иккинчи энг илиқ ой бўлган. Ўтган йил июнидан 2024 йил июнига қадар ҳар ой йилнинг шу даври учун янги ҳарорат рекордини ўрнатиб келган.
Июлда дунё бўйича ўртача ҳарорат Цельсий бўйича 16,91 даражага тенг бўлган, ўтган йил шу ойдаги кўрсаткичдан 0,04 даражага пастроқ демакдир. “Бироқ умумий контекст ўзгаргани йўқ, бизнинг иқлимимиз исишда давом этмоқда”, — деди Copernicus раҳбари ўринбосари Саманта Бёржесс. Унинг сўзларига кўра, иқлим ўзгаришининг ҳалокатли оқибатлари 2023 йилдан анча аввалроқ бошланган бўлиб, иссиқхона газларининг глобал ажралиб чиқиши нол даражага етмагунича давом этаверади.
Январдан июлгача глобал ҳароратлар 1991—2020 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан 0,7 даражага баландроқ бўлган. 2024 йил ўтган йилгига қараганда иссиқроқ деб ҳисобланмаслиги учун ушбу аномалия шу йилнинг қолган қисмида аҳамиятли даражада пасайиши керак. Шу сабабли 2024 йил кузатувлар тарихида энг иссиқ йилга айланиши эҳтимоли тобора ошиб бормоқда, дейилади Copernicus хабарида.
Шарҳлар