Reuters: Украина тунда Россиянинг тўртта ҳарбий аэродромига ҳужум қилди
Украина Россиянинг тўртта ҳарбий аэродромини нишонга олиб, ҳозиргача энг йирик дрон ҳужумини амалга оширди. Бу ҳақда чоршанба куни тушдан кейин Украина ҳарбий хавфсизлик хизматининг исми ошкор этилмаган манбаси Reuters агентлигига маълум қилган.
Агентлик манбасининг қўшимча қилишича, ҳужумдан мақсад Россиянинг бошқариладиган бомбали ҳужумлар учун ҳарбий самолётлардан фойдаланиш қобилиятига путур етказиш бўлган. Reuters бу даъвони мустақил равишда тасдиқлай олмади.
Россия Мудофаа вазирлиги эрталаб Украинанинг тунги рейдида қўлланилган рекорд даражадаги 117 та дрон ҳақида хабар берди. Россия ҳарбийлари ҳужум нишонига айланган объектлар номини айтмади.
Россия манбаларининг тасдиқланмаган маълумотларга кўра, чоршанбага ўтар кечаси Нижний Новгород областидаги битта ва Воронеж областидаги иккита аэродромга ҳужум қилинган. Бу икки область губернаторлари дрон ҳужумларини фақат ўзлари тасдиқлаган. Воронеж областида, Мудофаа вазирлигининг маълумотларига кўра, 37 та, Нижний Новгород областида – 11 та дрон уриб туширилган.
“Украинская правда” нашри Украина хавфсизлик хизматидаги (УХХ) манбага таяниб, тўртта аэродромга – Воронеж, Борисоглебск, Нижний Новгород областидаги Саваслейка ва Курск аэродромларига ҳужум қилингани ҳақида ёзади.
“Биз йўқ қилинган рус қирувчи самолётлари ва омборлари акс этган сунъий йўлдош суратларини кутяпмиз. УХХ рус ҳарбий машинасининг авиация компонентини изчиллик билан заифлаштиришда давом этмоқда. Ҳозирча самолётлар душманга ҳавода устунлик бермоқда, аммо биз бу “қушлар”нинг қанотларини кесишда давом этамиз”, – дейди нашр суҳбатдоши.
Шарҳлар