РФ Мудофаа вазирлиги Клешчеевка олингани ҳақида эълон қилди. Украина ҳарбийлари буни ёлғон деб атади

Фото: Лина Корсак

Россия Мудофаа вазирлиги босиб олинган Бахмутнинг жануби-ғарбидаги Донецк областида жойлашган Клешчеевка қўлга олинганини маълум қилди. «Операция Z: Ҳарбий мухбирлар» ҳарбий каналининг маълумотларига кўра, эрталаб 3-армия корпусининг 6-мотоўқчилар дивизияси Клешчеевканинг кўп қисмини эгаллаб олган, «қаттиқ жанглар» давом этаётганда, рус пиёда аскарлари пиёда жанговар машиналари ва пиёда жанговар танклар кўмагида қишлоқнинг жанубий четига жойлашган.

Шунингдек, Россия қуролли кучлари Клешчеевканинг устувор баландлиги – 215,7 метрни «деярли эгаллаб олган» ва қишлоққа бир километр кириб борган, дейилади хабарда. Бундан ташқари, телеканал рус аскарлари Клешчеевкада Россия байроғини тикиб қўйгани ҳақидаги видеони эълон қилди.

“Два майора” Z-каналининг хабарига кўра, Россия қуролли кучлари ҳужум гуруҳларини етказиш учун Клешчеевкада “супермангаллар”га (дронга қарши бостирма – таҳр.) эга танклардан фойдаланмоқда. «Ҳарбий мухбир» WarGonzo ёзганидек, «Клешчеевкада Украина қўшинлари йўқлиги ҳақида гапиришга ҳали эрта».

АҚШ урушни ўрганиш институти яқинда Россия қўшинлари Клешчеевканинг жануби ва марказига ўтганини, рус танкининг аскарларни жанубий чеккага етказиш учун қишлоқ марказидан ўтаётгани акс этган видеога асосланиб ёзади.

“Алекс” позивнойи бўлган украиналик ҳарбий хизматчи ўзининг Телеграм-каналида қишлоқнинг кўп қисми “кулранг зона”да эканлигини, чунки у ерда ҳеч бир томон ўрнашиб оломаётгани ва Клешчеевка Россия қуролли кучлари томонидан олингани ҳақидаги баёнотини ёлғон деб ёзади.

Украина қуролли кучларининг “Айдар” 24-алоҳида ҳужумчи батальонида хизмат қилувчи яна бир аскарнинг хабар беришича, ҳозир қишлоқ Россия қуролли кучлари бўлинмаларидан «тозаланмоқда», узоқ муддатли мудофаани ушлаб туриш учун россияликларнинг «муҳим позициялари йўқ».

Украинанинг DeepState OSINT-лойиҳаси бугун Клешчеевкадаги тўқнашув линияси «аниқлаштирилаётгани» ҳақида хабар берди. Украина қуролли кучлари Бош штаби сўнгги хабарларда Клешчеевка ҳақида гапирмаган.

Клешчеевка катта стратегик аҳамиятга эга. Агар Россия қуролли кучлари қишлоқни эгаллаб олса, улар Украина Қуролли кучларини таъминловчи стратегик марказ бўлган Часов Яр жанубига янада шиддатли ҳужумлар уюштиришлари мумкин бўлади. Бундан ташқари, у «Бахмутнинг калити» деб аталади: қишлоқнинг чеккасида Россия қуролли кучлари томонидан босиб олинган шаҳарни назорат қилиш имконини берадиган тепаликлар бор.

Қишлоқ 2022 йилнинг кузида жанговар ҳаракатлар марказида бўлганди. 2023 йил январь ойида Россия ҳарбийлари биринчи марта унинг қўлга олингани ҳақида хабар беришган. 2023 йил сентябрь ойида Украина қуролли кучлари Клешчеевкани озод қилганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.