РФ Мудофаа вазирлигида янги ҳибслар содир бўлди

Фото: Интерфакс

Россия Мудофаа вазирлиги буюмлар бошқармасининг собиқ бошлиғи Владимир Демчик 2017 йилда 4 миллион рубль миқдорида пора олганликда гумонланиб, ҳибсга олинди, дея хабар беради Россия Тергов қўмитаси.

Терговнинг фикрича, Демчик пора учун номи ошкор этилмаган компанияни Россия қуролли кучлари эҳтиёжлари учун умумий қиймати 574 миллион рублдан ортиқ мол-мулк етказиб бериш бўйича давлат шартномаларига жалб қилган.

Аввалроқ, 5 август куни Россия Мудофаа вазирлигининг Москва области парки ва “Патриот” директори Вячеслав Ахмедов ва Россия Мудофаа вазирлигининг инновацион ривожланиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Владимир Шестеров қўлга олинган эди. Иккаласи ҳам фирибгарлик иши бўйича тергов қилинмоқда. Ахмедов тергов изоляторига юборилган.

23 июль куни “Патриот” боғи маъмуриятида тинтувлар ўтказилган. “ТАСС” агентлиги ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага таяниб, улар давлат харидларида 40 миллион рублдан ортиқ маблағнинг талон-тарож қилинишига алоқадор бўлганини маълум қилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.