РФ Тергов қўмитаси сенатор Савельевни ҳибсга олишни сўрамоқчи
Россия Федерацияси Тергов қўмитаси сенатор Дмитрий Савельевни қотилликни ташкил этиш билан боғлиқ иш бўйича, унга қарши айбловлар қўйилганидан сўнг дарҳол ҳибсга олишни сўрамоқчи. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага таяниб, «ТАСС» хабар беради.
Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, ҳозирда Савельевга нисбатан жиноий иш қўзғатилмоқда. Шундан сўнг терговчи Басманний судига унга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини тайинлаш илтимоси билан мурожаат қилади.
2 август куни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари сенатор Дмитрий Савельевни Федерация Кенгаши йиғилишидан чиқаётганида қўлга олди.
Кейинроқ Россия Бош прокурори Игорь Краснов Федерация Кенгашига ҳибсга олинган сенаторнинг дахлсизлигини бекор қилиш учун мурожаат қилгани маълум бўлди.
Сенатор Андрей Клишас: Бош прокурор Дмитрий Савельевни дахлсизликдан маҳрум қилиш учун етарли асос бўлган жиноят иши материалларининг нусхаларини тақдим этди.
ОАВ хабарларига кўра, бугун тергов Басманний судига Савельевни ҳибсга олиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади.
Савельев 2016 йилдан бери Тула областининг сенатори лавозимини эгаллаб келган. Ундан олдин у Давлат думаси депутати ва Табиий ресурслар, атроф-муҳитни бошқариш ва экология қўмитасининг аъзоси бўлган. 2016 йил октябридан 2023 йил ноябригача сенатор Федерация Кенгашининг Бюджет ва молия бозорлари қўмитаси аъзоси бўлган. Шундан сўнг у Иқтисодий сиёсат қўмитасига аъзо бўлган.
Шарҳлар