Миллиардер Ричард Брэнсон Жо Байденни президент сайловида қатнашишдан воз кечишга чақирди
Британиялик миллиардер, Virgin Group асосчиси Ричард Брэнсон фикрича, АҚШ президенти Жо Байден сайловолди пойгасидан чиқиши керак. У Байденнинг президентлиги “сўнгги воқеалар туфайли” тарихий нуқтайи назардан қандай баҳоланишидан хавотирланмоқда, деб ёзади “Коммерсантъ”.
Унинг пойгани давом эттириш истаги ушбу президентлик пойгаси аслида эътибор қаратиши керак бўлган муаммолардан хавфли тарзда чалғитмоқда. Америка ва эркин дунё йўлида тўғри қарор қабул қилиб, йўл бўшатиб бериш учун ҳозир ҳам кеч эмас”, — деб ёзди Брэнсон ўз блогида.
Шу билан бирга, миллиардер Байденни “атоқли президент” деб атади. Унинг Украинага бераётган ўзгармас кўмаги дунёда улкан таассурот қолдирган, деб ҳисоблайди. Бизнесмен, шунингдек, демократнинг иқтисодий йўналиш бўйича ишларини ҳам қўллаб-қувватлади.
Жо Байденнинг ақлий қобилиятлари ҳақидаги муҳокамалар унинг Дональд Трамп билан муваффақиятсиз мунозараларидан кейин кучайди. Президентнинг ўзи буни “ёмон эпизод” деб атади ва воқеани шамоллаб қолгани билан изоҳлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Вашингтондаги НАТО саммитида Украина президенти Владимир Зеленскийни янглишиб “президент Путин” деб атаган эди. У ўз хатосини шу заҳотиёқ тузатиб, адашиб кетганини фикр-у хаёли “Путин устидан ғалаба қозониш” билан банд экани билан изоҳлади.
Шарҳлар