Зеленский Россия билан музокараларга чақирган Рим папасини танқид қилди
Украина президенти Владимир Зеленский аввалроқ оқ байроқ кўтаришни мардлик деб атаган Рим папаси Францискнинг гапларига муносабат билдирди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Зеленскийнинг фикрича, понтифик “виртуал воситачилик” билан шуғулланмоқда.
“Армия томонида, мудофаа кучлари томонида бўлган ҳар битта украиналик капеллен (руҳоний)га миннатдорлик билдираман. Улар олд фронтда ҳаётни ва инсониятни ҳимоя қилмоқда. Дуолари, гаплари, ишлари билан қўллаб-қувватламоқда. Мана черков қанақа бўлиши керак — одамлар билан бўлиши керак. Икки ярмин минг километр узоқликда туриб олиб, виртуал воситачилик билан шуғулланиши керак эмас”, — деди Зеленский ўз видеомурожаатида.
Украина президенти Рим папасини тилга олмади. Аммо нашрлар унинг гаплари понтификка қаратилганини ёзмоқда. У 2,5 минг км масофадаги черков ҳақида гапирмоқда — Ватикан Киевдан тахминан 2,4 минг км узоқликда жойлашган.
Рим папаси Швейцариянинг RSI телерадиокомпаниясига берган интервьюсида “вазиятни кўра билган, ўз халқи ҳақида ўйлаган, оқ байроқ кўтаришга журъат қилиб, музокаралар олиб борган одам энг кучли бўлиши”ни айтганди. Унинг фикрича, мамлакат “мағлубиятга учраётгани”ни кўрганидан кейин, мардлик қилиб музокаралар олиб бориши керак. Ватикан матбуот котиби Маттео Бруни қайд этишича, Франциск “оқ байроқ” иборасини ишлатишига сабаб шундаки, савол беришда шу ибора қўлланган. Понтификнинг вакилига кўра, у “оқ байроқ” деганда “жанговар ҳаракатларнинг тўхтатилиши ва музокаралар орқали ярашувга эришиш”ни назарда тутган.
Шарҳлар