Рогозин Краснодар ўлкасида радиолокация тизимининг шикастланишига изоҳ берди
Кубанда дронлар Россиянинг ракета ҳужумидан эрта огоҳлантириш тизимининг бир қисми бўлган ва бошқа ишлар қатори баллистик ва қанотли ракеталарни аниқлашга мўлжалланган “Воронеж-ДМ” горизонт орти радиолокация станциясига зарар етказди. Бу ҳақда Украинанинг Defense Express нашри ёзади.
23 май куни Краснодар ўлкасидаги Армавир яқинида жойлашган 818-алоҳида радиотехника марказининг ҳарбий қисмига ҳужум уюштирилгани маълум бўлди. Украина ва Россия ОАВлари томонидан эълон қилинган фотосуратларда иккита шикастланган бино акс этган. Defense Express нашрининг таъкидлашича, сўз ёнма-ён жойлашган иккита радар ҳақида кетмоқда, улар «санкциялар шароитида узоқ таъмирлашга юборилган».
Окукпация қилинган Запорожье областидан “сайланган” россиялик “сенатор” ва “Роскосмос”нинг собиқ раҳбари Дмитрий Рогозиннинг таъкидлашича, Вашингтон улкан жиноят буюртмачиси сифатида “масъулиятсиз бандитни ёллаб, стратегик ядро кучларини жанговар бошқариш тизимининг муҳим элементини шикастлантиришга ҳаракат қилмоқда”.
“Воронеж-ДМ” олти минг километргача бўлган масофага ракеталарни учириш устидан назоратни таъминлайди. Ишнинг асосий йўналиши – Ўрта ер денгизи ва Форс кўрфазидан тортиб Ҳинд океанигача бўлган Осиё ва қисман Хитойгача, деб ёзади Defense Express.
Шарҳлар