Роналду биринчи бўлиб ижтимоий тармоқларда бир миллиард обуначига эга бўлди

Фото: azertag.az

“Ал-Наср” клуби ва Португалия терма жамоасининг ҳужумчиси Криштиану Роналду ижтимоий тармоқларда бир миллиард обуначига эга бўлганини маълум қилди.

39 ёшли португалиялик бу ютуқни қўлга киритган сайёрадаги биринчи инсон бўлди. Ҳозирда Роналду олтита ижтимоий тармоқда расмий саҳифаларини юритади:

Instagram – 639 миллион обуначи;

Facebook – 170 миллион обуначи;

Х – 113 миллион обуначи;

YouTube – 60,6 миллион обуначи;

Kuaishou – 9,4 миллион обуначи;

Weibo – 7,5 миллион обуначи.

“Биз тарих яратдик – бир миллиард обуначи! Бу шунчаки рақам эмас – бу бизнинг умумий иштиёқимиз, драйв ва ўйинга бўлган муҳаббатимиздан далолат беради. Мадейра кўчаларидан тортиб, дунёдаги энг катта саҳналаргача мен ҳар доим оилам ва сиз учун ўйнаганман ва энди биз бир миллиард одаммиз. Менга ишонганингиз, қўллаб-қувватлаганингиз ва ҳаётимнинг бир қисми бўлганингиз учун ташаккур. Энг яхшиси ҳали олдинда ва биз бирга ғалаба қозонамиз ва тарихни ёзамиз”, – деб ёзади Роналду.

Роналдунинг YouTube сервисидаги расмий каналида жонли эфир мавжуд бўлиб, унда барча ижтимоий тармоқларда португалияликнинг аудиторияси онлайн саналади. Мақолани ёзиш вақтида Роналду обуначиларининг умумий сони 1 000 178 989 кишини ташкил қилган.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.