,

Россия АҚШга Украина бўйича музокараларга тайёрлиги ҳақида ишора юборган — Bloomberg

Фото: Reuters

Россия ҳукумати норасмий каналлар орқали АҚШ раҳбариятига Украинадаги низони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича мулоқотга, шу жумладан, эҳтимол, Киев учун бўлғуси хавфсизлик чоралари муҳокамасига тайёрлигини билдирган. Бу ҳақда Bloomberg ўзининг Кремлга яқин манбаларига таяниб хабар бермоқда. Шундан кейин Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков агентликка “Россия Украинадаги вазиятни тартибга солиш бўйича музокараларга доим очиқ бўлгани, ҳозир ҳам очиқлиги ва бундан кейин ҳам шундай бўлишини, аммо ўз мақсадларига эришгунича ҳарбий операцияни давом эттиришга бел боғлагани”ни маълум қилди.

Агентлик манбалари хабарига кўра, бундай “сигналлар” Москва томонидан Вашингтонга ўтган ойда исми ошкор этилмаётган воситачи орқали узатилган. Bloomberg манбалари қайд этишича, Россия катта эҳтимол билан Украинанинг бетараф статусини талаб қилишдан ҳамда Киевнинг НАТОга қўшилмаслигини талаб этишдан бош тортиши мумкин, бироқ айни пайтда Россия қўшинлари назорат қилаётган ҳудудлар (ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожье вилоятлари) тан олинишини талаб қилиб туриб олади. Шунингдек, Россия Қрим мақомини муҳокама қилишга ҳам тайёр эмас.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашидагилар Россия томонидан тушган бундай “сигналлар” ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирди. “Биз Россия позициясида юзага келган бундай ўзгаришлардан бехабармиз. Россия билан музокаралар олиб бориш-бормаслик, қачон ва қай тарзда олиб бориш масалаларини Украинанинг ўзи ҳал қилади”, — деди Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эдриенн Уотсон.

Россия Украина билан вазиятни тинч ҳал қилиш бўйича музокараларни қайта тиклашга тайёрлигини кўп бора билдирган. Хусусан, 15 январь куни Дмитрий Песков Москва низонинг тинч йўл билан ҳал бўлиши тарафдори эканини айтганди. Аммо Украина Олий радасида “Халқ хизматчиси” партияси фраксияси раҳбари Давид Арахамия 2023 йил ноябрида Украина сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти музокаралар позицияси ёмон бўлгани туфайли, Россия билан жанговар ҳаракатларни давом эттириш тарафдори эканини маълум қилганди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия Украина билан музокараларга ва низони дипломатик йўл билан ҳал қилишга тайёрлигини, аммо “Украина ҳукумати вакилларини ўз лавозимларида сақлаб қолиш” мақсади йўқлигини билдирганди. Шунингдек, у Киев томонидан музокаралар жараёни учун асос сифатида таклиф этилаётган, Зеленскийнинг “тинчлик формуласи”ни ҳам рад этди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.