Россия ҳарбий округларидан биридаги автобронетанк хизматининг бошлиғи пора олиш иши бўйича ҳибсга олинди

Фото: Ирина Бужор / Коммерсантъ

Россия Тергов қўмитаси Марказий ҳарбий округнинг автобронетанк хизмати бошлиғи, генерал-майор Денис Путиловни ўта йирик миқдорда пора олишда гумон билан ҳибсга олинганини маълум қилди (РФ Жиноят кодексининг 290-моддаси 6-қисми).

Тергов версиясига кўра, Путилов Мудофаа вазирлиги ҳарбий техникани таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича қатор давлат шартномаларини тузган тадбиркор вакилидан 10 миллион рубль миқдорида пора олган.

Тергов қўмитаси маълум қилишича, қиймати 140 миллион рублдан ошган ушбу давлат шартномаларининг бажарилишини Путилов назорат қилган.

Терговчиларнинг фикрича, Путилов тадбиркорга “[ҳукумат буюртмаларининг бажарилиши устидан] назоратни сусайтириш”ни, шунингдек, давлат мудофаа топшириқларини бажариш ва у билан янги шартномалар тузишда “бошқа имтиёз ва преференциялар бериш”ни ваъда қилган ҳолда пора олган.

Ҳозир суд генералга нисбатан эҳтиёт чораси тўғрисида қарор қабул қилмоқда.

Мудофаа вазирлиги тизимининг юқори мартабали вакилларига қарши шов-шувли жиноий ишлар туркуми жорий йилнинг апрель ойида мудофаа вазирининг ўринбосари Тимур Ивановни ҳибсга олиш билан бошланганди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.