Россия армияси Волчанскка кирди, шаҳар чеккасида жанглар кетяпти
Россия қуролли кучларининг Харьков областидаги ҳужумини бошқараётган бўлинмалари Волчанскка кирди. Украина қуролли кучлари томонида жанг қилаётган Россия кўнгиллилар корпуси шаҳардаги жанглар ҳақида маълум қилди. “РДК” Волчанскнинг шимоли-ғарбий қисмида, гўштни қайта ишлаш заводи ҳудудида жанг қилмоқда, дейилади тузилманинг телеграм-каналида.
Аввалроқ Россиянинг “Шимолий” қўшинлари гуруҳининг телеграм-каналида Волчанскдаги кўприкка қилинган ҳужум видеоси эълон қилинган эди. Ушбу бўлинма Харьков области шимолидаги жангларда қатнашмоқда.
Область полицияси раҳбари Владимир Тимошконинг айтишича, Россия авиацияси 250 ва 500 килограмм оғирликдаги бошқариладиган бомбалардан фаол фойдаланяпти.
«Қайсидир маънода Волчанск Бахмут ёки Марьинкага айланмоқда», – деди у Украина радиоси эфирида.
“Шимол” гуруҳи маълумотларига кўра, ҳужум пайтида рус қўшинлари 9 та аҳоли пунктини эгаллаб олган.
Россия Волчанскни 2022 йил февраль ойида тўлиқ миқёсли босқиннинг биринчи кунида қўлга киритганди. Шаҳар ўша йилнинг сентябрь ойида Украинанинг Харьков областидаги ҳужум операцияси доирасида озод қилинганди.
Шарҳлар