Россия бутун дунё бўйлаб СТГ ташиш учун хуфия флот яратишни бошлади — Bloomberg
Украина билан кенг миқёсли уруш бошланганидан сўнг, Россия Федерацияси нефтни нарх чегарасига риоя қилмайдиган харидорларга ташиш учун хуфия флотни яратди. Москва суюлтирилган табиий газ (СТГ) ҳам сотишни режалаштираётгани ҳақида далиллар ортиб бормоқда, деб ёзади Bloomberg.
Equasis глобал юк ташиш маълумотлар базасига кўра, сўнгги уч ой ичида камида саккизта кема Дубайдаги унчалик таниқли бўлмаган фирмалар мулкига ўтган. Улардан 4 таси – North Air, North Mountain, North Sky ва North Way – бу ёзда Шимолий денгиз йўли (ШДЙ) сувларида сузиш учун Москвадан рухсат олган муз синфидаги танкерлар.
Bloomberg бу кемаларни Россиянинг йирик тузилмалари билан тўғридан-тўғри боғлай олмади, аммо тафсилотлар хуфия нефть флотини яратиш бўйича ҳаракатларга жуда ўхшайди, дейди нашр.
Америка Арктика Институти асосчиси Мальте Гумпертнинг сўзларига кўра, бир нечта белгилар Кремлнинг хуфия флотини яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларига ишора қилади, жумладан, муз синфидаги кемаларни Дубай компаниясига бериш, эски кемаларни сотиб олиш ва ШДЙ бўйлаб рекорд миқдорда рухсатномаларнинг берилиши.
Номаълум фирманинг юзлаб миллион долларга тушадиган ихтисослашган кемаларни сотиб олиши СТГ соҳасида ғайриоддий ҳисобланади. Бундан ташқари, камида 3 та танкер Халқаро денгиз ташкилоти маълумотлар базасида “номаълум” сифатида рўйхатга киритилган – бу «хуфия флот» нинг яна бир белгисидир, – дея таъкидлайди Bloomberg.
Шарҳлар