Россия Давлат думаси ҳар қандай хорижий ташкилотни “номақбул” деб тан олиш имконини берадиган қонунни қабул қилди
Давлат Думаси учинчи ва охирги ўқишда қонун ҳужжатларига Россиядаги ташкилотлар фаолиятини “номақбул” деб тан олиш имкониятларини кенгайтирувчи тузатишларни маъқуллади.
Янги таҳрирга кўра, ҳар қандай хорижий ташкилотнинг, шу жумладан хорижий давлатнинг давлат органлари томонидан ташкил этилган ташкилотнинг иши шу тарзда эълон қилиниши мумкин. Олдинги таҳрирда фақат нодавлат ташкилотнинг фаолияти “номақбул” деб эълон қилиниши мумкин эди.
Олдинроқ Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин мезонларни кенгайтириш зарурлигини Ғарб давлатларининг давлат идоралари томонидан тузилган ташкилотлар Россияга қарши, унинг хавфсизлигига таҳдид солаётган мақсадли фаолият олиб бориши билан изоҳлаган эди, деб ёзади “РИА Новости” унинг сўзларидан иқтибос келтирган ҳолда.
Россия Федерациясида “номақбул” ташкилотларни молиялаштирганлик учун 10 йилгача муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Тақиқланган ташкилотлар фаолиятида такрорий иштирок этганлик учун эса – 300 дан 500 минг рублгача жарима ва тўрт йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади. “Номақбул” ташкилот фаолиятини ташкил қилгани учун – олти йилга қамоқ жазоси.
Айни пайтда “номақбул” ташкилотлар рўйхатига 178 та ташкилот, жумладан, оммавий ахборот воситалари, таълим, инсон ҳуқуқлари ва тадқиқот лойиҳалари киритилган.
Рўйхат охирги марта июль ойи бошида тўлдирилган, The Moscow Times ва Карнеги жамғармаси (иккаласи ҳам «хорижий агентлар» реестрида) фаолияти “номақбул” деб топилди.
Шарҳлар