Россия ИИВ коррупцияга қарши курашиш бошқармаси раҳбари «Газпром»нинг йирик пудратчиларидан бирига алоқадор
«Важные истории» нашрининг аниқлашича, Россия ИИВ Иқтисодий хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш бош бошқармаси раҳбари Андрей Курносенко оиласи Бошқирдистоннинг «Газпром» учун йирик буюртмачиси бўлган «Петон» инжиниринг компанияси билан алоқадор.
2017 йилда «Петон» Россия Forbes нашрининг «Давлат буюртмалари қироллари» рейтингида 116 миллиард рубль суммаси билан биринчи ўринга чиққан эди.
Курносенко расман уйланмаган, бироқ коррупцияга қарши декларациясида иккита фарзанди борлигини кўрсатган. «Важные истории» унинг фарзандлари онасининг исми Елена Ширинкина эканлигини аниқлашга муваффақ бўлган.
2019 йилда Ширинкина Бошқирдистонда рўйхатдан ўтган «Синергия» компаниясидаги 37,5% улушнинг эгаси бўлган. Қолган улушлар «Петон»нинг шериги Олег Поляковнинг рафиқаси Наталья Полякова ва Дмитрий Поляковнинг рафиқаси Екатерина Поляковага тегишли. Дмитрий Поляков Олег Поляковнинг акаси бўлиб, 2017 йилда Forbes уни «Петон»нинг бош директорининг маслаҳатчиси деб атаган.
«Синергия» Поляковлар оилавий бизнесининг бир қисми ҳисобланади ва у ҳам «ЭКМ холдинг»нинг Уфадаги манзилида рўйхатдан ўтган. «ЭКМ холдинг» эса Дмитрий Поляковга тегишли. «Синергия» 700 миллион рублдан ортиқ қарзни унинг эгаларидан бири Олег Поляков бўлган «Бошқирд саноат холдинги»га (БСХ) ўтказган. Ўтган йилнинг охирида БСХ Россиянинг энг йирик кўмир корхоналаридан бири «Сибантрацит»нинг янги мулкдорига айланган.
Курносенко олдин бир неча йил Бошқирдистонда ички ишлар вазири ўринбосари бўлган. 2014 йилда у Москвага “ГУЭБиПК” раҳбарияти жиноий уюшма ташкил қилгани ҳақидаги жиноят иши оқибатида бошқармадан четлатилгандан сўнг кўчирилган. Тахминан шу даврларда Олег Поляков «Петон»да улушга эга бўлган.
Шарҳлар