Россия маҳбусларни алмашиш доирасида Америка фуқаролари Эван Гершкович ва Пол Уиланни озод этди

Эван Гершкович. Фото: REUTERS/Dmitry Chasovitin

Россия маҳбуслар алмашинуви доирасида америкаликлар Эван Гершкович ва Пол Уиланни озод қилди. Бу ҳақда Bloomberg манбаларга таяниб хабар беради.

Гершкович ва Уилан “Россиядан ташқаридаги манзилларга” йўл олишмоқда, дея хабар беради агентлик ўз манбаларига таяниб.

Пол Уилан ва Эван Гершкович Россияда давлатга хиёнатда айбланиб, судланган. Икки кун олдин Уиланнинг адвокати колонияда у билан алоқани йўқотган.

Эван Гершкович иши

19 июль куни Свердловск области суди бир йилдан бери қамоқда ўтирган WSJ мухбири Гершковични 16 йилга озодликдан маҳрум қилди. Тергов маълумотларига кўра, Гершкович “Марказий разведка бошқармасининг кўрсатмаси билан” 2023 йил март ойида Свердловск областида “Уралвагонзавод” мудофаа корхонасининг фаолияти ҳақида махфий маълумотларни тўплаган. Суд мажлиси бир соатдан кам давом этган.

Пол Уилан иши

Уилан 2018 йил декабрь ойида Москвада ҳамкасбининг тўйига келганида ҳибсга олинган эди. 2020 йил июнь ойида Москва шаҳар суди Уиланни жосусликда айбдор деб топиб, уни 16 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилди. Тергов Уиланни 2007 йилдан бери Россияга махфий маълумотларни йиғиш ва ФХХ ва Мудофаа вазирлиги ходимларини ёллаш учун келганликда айблади. Америка денгиз пиёдаси айбини тан олмади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.