Россия мудофаа вазирлиги Курск областида 10 та қишлоқ эгалланганини маълум қилди
Россия мудофаа вазирлиги икки кун давомида Курск областида Украина қуролли кучлари позитсияларига қарши қарши ҳужум натижасида «10 та аҳоли пункти озод қилинганини» таъкидламоқда. Булар Апанасовка, Бяхово, Вишнёвка, Викторовка, Внезапное, Гордеевка, Краснооктябрское, Обуховка, Снагост ва “10-Октябр”.
Бундан ташқари, ҳисоботга кўра, Фанасеевка ва Снагость аҳоли пунктлари йўналишида «рақибнинг икки марта қарши ҳужуми қайтарилган», шунингдек, Олговка йўналишида «ҳужум қилиш уриниши барбод этилган».
10-сентябр куни Россия ва Украина телеграм каналлари август бошида Украина қуролли кучлари бостириб кирган Курск областида Россия ҳарбийларининг ҳужуми ҳақида хабар бера бошлади.
Хусусан, Deep State лойиҳаси Россия ҳарбийлари «аввал Сейм дарёси, кейин эса кичикроқ дарёлар орқали зирҳли техникани ўтказиб, фаол ҳужум ҳаракатларини бошлаганини» маълум қилган.
Америкалик ҳарбий эксперт Роб Ли маълумотларига кўра, Украина томонидан кўприкларга зарбалар берилишига қарамай, Россия ўз зирҳли кучларини Сейм дарёсидан ўтказишга муваффақ бўлган.
Россиянинг ҳарбий телеграм каналлари Россия армияси шарқ томон тез суръатларда илгарилаётганини ва натижада Курск областининг Кореневский туманидаги бир нечта аҳоли пунктларини озод қилишга эришганини таъкидлади.
Шарҳлар