Россия Мудофаа вазирлиги Очеретино босиб олингани ҳақида хабар бермоқда
Россия Мудофаа вазирлиги Донецк областининг Авдеевка шимоли-ғарбидаги Очеретино қишлоғи “Марказ”қўшинлари гуруҳи бўлинмалари томонидан эгаллаб олингани ҳақида хабар берди, деб ёзади ВВС.
Маълум қилинишича, Украина Қуролли кучларининг 24- ва 115-механизациялашган бригадалари “ДНР”нинг Архангельское ва Новгородское аҳоли пунктлари ҳудудларида мағлубиятга учраган.
Мудофаа вазирлиги, шунингдек, Одессада Ғарбда ишлаб чиқарилган ракета қуроллари омбори ва Харьков областидаги радиолокация станциясининг “тезкор-тактик авиация, ракета кучлари ва артиллерия” томонидан йўқ қилинганини билдирган.
“Би-би-си” рус хизматининг ҳарбий мухбири Павел Аксёновнинг қайд этишича, Россия кучларининг Очеретино қишлоғи ҳудудидаги ҳужуми ҳали жуда чуқур олға силжигани йўқ, бироқ бу бир томондан Украина армияси чарчаганини, бошқа томондан эса Россия армиясининг инқирозларга жавоб бериш ва улардан фойдаланиш қобилияти ошганини кўрсатади.
Россияликлар Очеретинони қўлга киритганидан сўнг, ғарбга Покровск шаҳрига қараб юришни давом эттирмоқда, аммо қўшни ҳудудда Украина қўшинларини ўраб олиш учун шимолга Часов Яр томон боришга ҳаракат қилишлари мумкин.
Шарҳлар