Россия ОАВ: Тожикистонлик оила “Крокус”га ҳужум тайёрланаётгани ҳақида билган
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари ва гувоҳларнинг кўрсатмалари натижасида “Крокус Сити Холл” концерт залида содир этилган ҳужум иштирокчиларига Renault Symbol русумли автомашинани сотган тожикистонлик оиланинг аъзолари терактга тайёргарлик кўраилаётганидан хабари борлиги аниқланган. Бу маълумотлар ТАСС кўриб чиққан иш материалларида келтирилган.
Материалларга кўра, судга Исломов А.И., Исломов Д.И., Исломов И.И. ва Қосимов A.X.нинг иштироки эҳтимолини кўрсатувчи далиллар тақдим этилган. Ушбу маълумотлар гувоҳлар, жабрланувчиларнинг кўрсатмалари, текшириш ва тинтув натижалари асосида тўпланган. Тергов маълумотларига кўра, Исломовлар оиласи автомашинани теракт содир этган шахсларга сотган, Алишер Қосимов эса уларга бошпана учун квартира ажратган.
Айбланувчилар Тожикистонда туғилган Диловар ва Аминхон Исломовлар ҳамда уларнинг отаси Исроил Исломов.
Хабарда айтилишича, ака-укалардан бири Renault Symbol автомобилига эга бўлиб, ҳужумчилар террорчилик ҳаракатидан кейин ушбу машинада қочишган. Айбланувчиларнинг ҳеч бири, шунингдек қирғизистонлик Алишер Қосимов ҳам ўз айбини тан олмаяпти.
ТАСС хабарига кўра, Исломовлар оиласининг адвокатлари судда уларнинг мижозлари ўзларининг собиқ машинасини янгиликлар хабарларида кўриб, ўз ихтиёри билан ҳуқуқ-тартибот идораларига келганини ва автомобиль сотилгани ҳақида кўрсатма берганини маълум қилган.
Айни пайтда иш бўйича айбланувчилардан бири Далер Мирзоевнинг ота-онаси олти ой давомида ўғли ҳақида ҳеч қандай маълумот ололмаётганидан шикоят қилган. Тожикистон туман полицияси уларнинг сўровларига жавоб бермаяпти.
“Бу воқеа содир бўлганидан бери у билан гаплашмадик, ҳозир унга нима бўлганини ҳам билмаймиз”, – дейди Далернинг онаси Гулракат Мирзоева.
22 март куни Москва яқинидаги Красногорскда жойлашган “Крокус” концерт залида содир этилган терактда 144 киши ҳалок бўлган, 550 дан ортиқ киши жароҳатланган. 23 март куни эрталаб Россия Федерациясининг Брянск областида 4 нафар гумонланувчи: Далержон Мирзоев, Саидакрам Ражабализода, Шамсиддин Фаридуни ва Муҳаммадсобир Файзов қўлга олинган.
Кейинроқ жиноий шерик экани айтилаётган яна етти нафар шахс, жумладан, ака-ука Аминжон ва Диловар Исломовлар, уларнинг отаси Исроил Исломовлар, шунингдек, Алишер Қосимов, Лутфуллои Назирмад, Ёқубжон Юсуфзода ва Муҳаммад Шарифзода ҳибсга олинган.
Умуман олганда, ФХХ директори Александр Бортниковнинг сўзларига кўра, терактга алоқадор 20 дан ортиқ киши қўлга олинган. Уларнинг аксарияти Тожикистон фуқаролари.
Шарҳлар