Россия ОАВга Путинни “дунё етакчиси” деб аташ ҳамда БРИКС саммитида “Ғарб ваҳимаси” ҳақида гапириш топширилди
Россия оммавий ахборот воситаларига БРИКС саммитида Путинни «дунё етакчиси» деб аташ ва «Ғарб ваҳимаси» ҳақида гапириш топширилди.
Россия президенти маъмурияти давлат ва ҳукуматга содиқ оммавий ахборот воситалари учун Қозондаги БРИКС саммитини ёритиш бўйича кўрсатмалар тайёрлади, деб ёзади “Медуза”.
Бу тавсияларда Владимир Путиннинг «глобал кўпчиликнинг норасмий раҳбари» ролини таъкидлаш ва Украинадаги уруш туфайли Россияни яккалаб қўйишга уринишлар «муваффақият бермаганини» кўрсатиш кераклиги айтилган. Шунингдек, Путиннинг жаҳон жараёнларига таъсирини тасдиқловчи хорижий нашрларга ҳам ҳавола қилиниши кутилмоқда.
Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари, Россия расмийларига кўра, «вақтинчалик иттифоқларга» таянадиган Ғарбдан фарқли ўлароқ, Путиннинг «узоқ муддатли алоқаларни ўрнатадиган» стратегик ёндашувини таъкидлашни тавсия қилади. Ушбу контекстда аниқ мисоллар келтирилмаган.
Ёритилиши керак бўлган яна бир мавзу – Ғарб элитасининг Путиннинг БРИКС мамлакатлари учун муқобил тўлов тизимини яратиш таклифига муносабати. Услубий тавсияларга кўра, бу Қўшма Штатлар ва унинг молиявий тизими ҳукмронлигига таҳдид сифатида кўрсатилиши керак. Бироқ, амалда, бундай тизимни яратиш таклифи совуқ кутиб олинди, чунки БРИКСнинг аксарият мамлакатлари мавжуд молиявий тартибни қайта кўриб чиқишдан манфаатдор эмас. Москвада бўлиб ўтган блокнинг молия вазирлари йиғилишига Хитой, Ҳиндистон ва Жанубий Африка вакиллари эътибор бермай, унга фақат кичик мансабдор шахсларни юбордилар.
Шарҳлар