Россия Олимпия қўмитасининг раҳбари Париждаги Олимпиадада қатнашадиган теннисчиларни “хорижий агентлар жамоаси” деб атади
Россия Олимпия қўмитасининг раҳбари Станислав Поздняков бу йилги Олимпиадага борадиган ва у ерда нейтрал мақомда қатнашадиган россиялик теннисчиларни танқид қилди.
Поздняков ўз телеграм-каналида Бутунроссия бадиий гимнастика федерацияси президенти Ирина Винернинг позициясини » қўллаб-қувватлаши» ҳақида ёзган – аввалроқ у Олимпиадада қатнашадиган россияликларни «бомжлар жамоаси» деб атаганди.
«Мен қўшилмайдиган ягона нарса бу «бомжлар жамоаси» таърифи, хусусан, кўпинча чет элда яшайдиган, у ерда пул ишлаб топадиган ва бир вақтнинг ўзида «ўзи учун ўйнайдиган» теннисчилар ўз мамлакатининг сиёсатини ва Махсус ҳарбий амалиётни қоралайди. Демак, менимча, уларни “хорижий агентлар жамоаси” дейиш тўғрироқ бўларди. Улар учун Олимпиадада ўзларини ўзлари тақдим этишучун ҳеч қандай тўсиқ йўқ”, — деб ёзади Поздняков.
2023 йил декабрида Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) россиялик ва беларуслик спортчиларни Олимпиадага нейтрал мақомда (байроқ ва мадҳиясиз) – фақат индивидуал спорт турлари бўйича қўйишга қарор қилганди.
Март ойида ХОҚ Париж Олимпиадасида 55 нафардан ортиқ россиялик спортчи нейтрал мақомда қатнаша олмаслигини эълон қилди. Улар Олимпиаданинг очилиш маросимида қатнашмайди. 19 март ҳолатига кўра, 12 нафар россиялик ўйинларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган.
Шарҳлар